Ҳиндистоннинг Одиша штатида
жойлашган Бхубанешвар шаҳрида ғаройиб
воқеа содир бўлди. Ит ҳовлида пайдо бўлган заҳарли илонни ғажиб ташлади ва ўзи
ҳам ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ommcom News
ахборот портали хабар бермоқда.
Далматин зотига
мансуб бир ярим яшар Тайсон лақабли итнинг эгаси Амин Шарифнинг гапириб беришича, ити кечки иккида ҳуриб уни
уйғотади. Ит уйга кираверишдан бир неча метр нарида турган заҳарли илонни
пайқаб қолган ва унга ташланган. Жонивор эгаси етиб келгунга қадар, илонни
ғажиб ташлаган.
Шундан сўнг Тайсоннинг аҳволи оғирлашади. Шариф уни кўздан
кечиради ва итнинг юзи атрофида илоннинг чақиб олгани аломатларини кўради. Итнинг
эгаси зудлик билан зарур мутахассисларга қўнғироқ қилади. Судралувчи жонзотлар
бўйича мутахассис Субхенду
Малик
итга ҳинд кобраси ҳамла қилганини, унинг бир грамм заҳри 140
та итни ўлдириши мумкинлигини таъкидлади. Малик Шарифга итни зудлик билан заҳарга қарши
даволаш зарурлигини маслаҳат беради.
Шариф барча ветеринар клиникаларга
қўнғироқ қилиб чиқади, аммо вақт алламаҳал бўлганлиги боис улар билан боғлана
олмайди. Воқеа бўлиб ўтганидан бир ярим соатлар чамаси вақт ўтгач, ит ҳалок
бўлади.
«У
бизнинг ҳаётимизни қутқариб қолди, аммо биз уникини асраб қололмадик. Оиламиз
бу итни ҳеч қачон унутмайди ва биз учун қандай қурбонлик берганини доим ёдда
тутади», — деди
Шариф. Унинг қўшимча қилишича,
бувиси ҳар куни тонгги тўртда ҳовлида сайр этади. Агар Тайсоннинг сезгирлиги
бўлмаганида, у ҳлок бўлган бўларди.


Комментарии
Отправить комментарий