Ҳукумат қабул қилган қарорга
мувофиқ, сайёҳлар эндиликда Ронгбук монастиригача кўтарилишлари мумкин. Ушбу
ибодатхона база-лагердан сал қуйироқда, 4980 метр баландликда жойлашган.
Эверистни томоша қилишни истовчи
аксар сайёҳлар Непал ҳудудида жойлашган жанубий базага ташриф буюришади. Бироқ
сўнгги йилларда Эверестни шимолий томонини кўришни истовчилар сони сезиларли
равишда ошган ва бу кўрсаткич ҳамон юқорилаб бормоқда.
Хитой ҳудудида жойлашган шимолий
база-лагерига машина ёрдамида борса бўлади. Аммо Непал ҳудудида жойлашган
жанубий база-лагерига яёв борилади. Бу эса икки ҳафта вақтни олиши мумкин.
Эверест ва унинг теварагида чиқиндилар
уюми кўп йиллардан бери мавжуд. Вазият сайёҳларнинг кўплаб ташриф буюриши
оқибатида янада оғирлашиб бормоқда.
2014 йил Непал туризм ва
фуқаролик авиацияси вазирлигининг қарорига мувофиқ Эверестга кўтарилувчи ҳар
бир альпинист чўққидан қайтиб тушаётганда ўзи билан бирга чиқиндиларини ҳам
олиб тушиши белгилаб қўйилган.
Хитой альпинизм ассоциациясининг маълум
қилишича, 2015 йилда шимолий база-лагерига 40 минг нафарга яқин киши ташриф
буюрган. Мутлақ рекорд Непал ҳудудидаги томонда, 2016-2017 йиллардаги мавсумда
қайд этилган. Ўшанда жанубий база-лагерга 45 минг киши ташриф буюрган эди.
Хитой ахборот агентлиги
“Синьхуа”нинг маълум қилишича, туристларга база-лагердан 170 метр қуйида
жойлашган Ронгбук монастиридан юқорига кўтарилиш тақиқланган.
Альпинистлар ва чўққига
кўтарилиш учун махсус рухсатномага эга бўлган шахслар аввалгидек база-лагерга
кўтарилишлари мумкин бўлади.
“Синьхуа” агентлигининг
таъкидлашича, ижтимоий тармоқларда шимолий база-лагерни туристлар учун доимий
ёпиб қўйилиши билан боғлиқ маълумотлар мутлақо нотўғри. Хитой ҳукумати ҳам
мазкур база-лагер яна қачон очилиши ҳақида ҳозирча аниқ маълумотлар бермаяпти.
Жорий йилнинг январь ойида Хитой
ҳукумати Эверестга чиқувчилар сонини йилига 300 нафардан оширмаслиги тўғрисида
хабар берган эди.
2018 йилда Эверест чўққисига 800
нафарга яқин киши: шулардан 563 киши Непал, 240 киши Хитой томонидан кўтарилган
эди.
Ҳукуматнинг маълум қилишича,
туристлар учун база-лагерининг ёпилиши ўтган йилнинг декабрь ойида Тибет
автоном райони маъмуриятининг сайтида эълон қилинган эди.
Эълонда келтирилишича, ўтган баҳор
фаслида Эверестдан деярли тўққиз тонна чиқинди олиб тушилган. Шулардан 5,2
тонна маиший чиқиндилар, 2,3 тонна инсонлар томонидан ташланган, 1 тонна эса
альпинистларнинг чиқиндилари ҳисобланади.
Жорий йилда ҳукуматлар денгиз
сатҳидан 8000 метр баландликда ҳалок бўлган альпинистларнинг жасадларини пастга
олиб тушишни режалаштиришмоқда.
Бундай баландликда, кучли шамол
ва паст даражали ҳавода ишлаш қутқарувчилар учун қийинчилик туғдиради. Шу боис
ҳалок бўлган альпинистларнинг жасади у ерларда йиллаб, ҳатто, ўн йиллаб ҳам
қолиб кетиши мумкин.
Сарвар Анвар ўғли тайёрлади



Комментарии
Отправить комментарий