У қизига уйланишни истаган йигитга улкан миқдорда пул мукофоти эълон қилди

Таиланднинг Чумпхон провинциясида яшовчи 58 яшар миллионер Арнон Родтонг қизига уйланадиган йигит учун катта миқдорда пул мукофоти эълон қилди. Аммо, шу билан бирга, унинг бир нечта шартлари ҳам бор.

Миллионернинг айтишича, унинг 26 яшар қизи бўлиб, ҳали бирор марта бўлса ҳам йигитлар билан юрмаган. Шу сабаб отаси қизи Карнситанинг бахти ва ўзининг бўлажак бизнеси ҳақида бош қотириб қолди. Арнон қизига бериладиган қалин пули билан бирга, миллий урф-одатларга кўра, ўзи ҳам куёвига пул беради.

Эркак бўлажак куёвига 10 млн таиланд бати (2 млрд 630 млн сўм атрофида) пул ҳамда бизнесидан улуш таклиф қилган. Миллионер дуриан мевасини қайта ишловчи фермаларга раҳбарлик қилади, деб ёзмоқда Mirror. Аммо мана шундай хазинани қўлга киритиш учун бир нечта шартларни бажаришга тўғри келади. Бўлажак куёв ҳаддан ташқари ақлли бўлмаслиги керак ўқиш ва ёзишни билиши кифоя. Меҳнаткаш, пулни тежаб ишлатадиган ва дурианни яхши кўрадиган бўлиши лозим.

“Мен бизнесимни кимгадир ишониб топширишни истайман. Менга бакалавр, магистр ёки докторлик даражасига эга одам керакмас. Менга фақат шунчаки виждонли ва меҳнаткаш куёв зарур”, - дейди Карнситанинг отаси.



Қизнинг ўзи эса ўз она тилидан ташқари, инглиз ва хитой тилларида эркин гапира олади. Қизнинг сўзларига кўра, у яхшиси отаси куёв учун ваъда қилаётган пулларга Кореяга бориб пластик операция қилдириб келган бўларди. Аммо ҳали ҳаётида ҳеч ким йўқлигини очиқ тан олди.

“Ҳамон ёлғизлигим бу айни ҳақиқат. Агар турмушга чиқишга тўғри келса, бўлажак турмуш ўртоғим виждонли ва яхши, оиласини севадиган инсон бўлишини хоҳлайман”, дейди қиз.

Комментарии