Тирик қолишнинг ягона имконияти: нега япониялик пенсионерлар қамоққа тушишга ҳаракат қилишади?


Япониялик аксари пенсионерларнинг фикрича, қамоққа тушиш ёлғизлик, камбағаллик ва оғир ҳаётдан қутилишнинг ягона имкониятидир.



126 миллион аҳолига эга Япониянинг 27 фоизини 65 ёшдан ошганлар ташкил этади. Кекса аҳоли қатлами мамлакатнинг иқтисодий тизими ва савдо-сотиқ индустрияси ишларини анчадан бери қийинлаштириб келмоқда. Маҳаллий анаъналарга мувофиқ ёш авлод кекса қариндошларига ғамхўрлик қилишлари лозим. Бироқ мамлакатнинг камбағал аҳолиси ёлғиз ҳамда қаровсиз қолмоқда. Бошқа чоралари қолмагач, майда жиноят содир этишмоқда ва қамоққа равона бўлишмоқда.

Ўғирликлар камбағаллик натижаси

2017 йилнинг октябрь ойида Японияда «Ниндзя» лақабли ўғрини қўлга олишди. Полиция маълумотларига кўра, у сўнгги саккиз йил ичида умумий қиймати 260 минг доллар деб ҳисобланган 250 дан ортиқ ўғирликни амалга оширган. Полициянинг диққат билан олиб борган кузатувига қарамай, узоқ йиллар уни тута олишмаган. У ҳақида тўпланган маълумотлар шундан иборат бўлганки, ўғри худди ниндзяларга ўхшаб қора либосда бўлган. Лақабини ҳам ана шундан олган.
Детективлар уни энг яхши формадакучли, чидамли ва ўғирлик пайтида кўчама-кўча эмас, балки томма-том югурудиган киши қиёфасида тасаввур этишди. Аммо бу фаразларнинг бари алдамчи бўлиб чиқди. Чунки жиноятчи 74 ёшда эди. Сўроқ пайтида эркак агар ёш йигит бўлганида ҳеч қачон ушлаша олмасликларини таъкидлади. Ўғирликларини эса ишлашни истамагани учун амалга оширганини айтди.

Жиноятчи қўлга олингач, орадан кўп ўтмай Япония адлия вазирлиги мамлакатдаги кекса ёшлилалар ўртасидаги жинойи фаоллик бўйича ҳисобот эълон қилди. Унда келтирилишича, 2016 йилда 65 ёшдан ошган 47 минг япониялик жиноят қилган, шулардан 2500 нафари қамоққа жўнатилган. 47 мингдан 70 фоизи илгари ҳам жиноят қилгани учун қамоқда ўтириб чиққани маълум бўлган.

Мамлакат қамоқхоналаридаги ҳар беш аёлдан бири кекса ёшли. Улар содир этган жиноятнинг ўн ҳолатдан тўққизтаси, дўконни тунаш ортидан келиб чиққан.

2017 йилда Токио ҳукумати олиб борган сўров натижаси шуни кўрсатдики, кекса жиноятчиларнинг ярми ўз ишларини якка бажаришган. Улардан 40 фоизининг ёки оиласи йўқ ёки улар билан кам муносабатда бўлади. Уларнинг тез-тез таъкидлашича, ҳеч кимдан ёрдам сўрай олишмайди, шу боис ўғирлик қилишга мажбур бўлишади.
Бундай статистиканинг асосий сабаби пенсионерларнинг ўртасидаги камбағаллик дейиш мумкин. Ва бу муаммо нафақат Япония, ҳатто Жанубий Кореяни ҳам қийнаб келади. 2018 йил мамлакатларнинг маълум қилишича, сўнгги беш йил ичида 65 ёшдан ошганлар ўртасидаги жиноят кўрсаткичи 45 фоизга ошган. Шу билан бирга жиддий жиноятлар, жумладан, қотиллик, ўғирлик ва зўрлаш миқдори 70 фоизга кўтарилган.
Японияга ўхшаб Жанубий Корея ҳам «қариётган мамлакат» бўлиб, аҳолининг 14 фоизини 65 ёшдан ошганлар ташкил этади. Уларнинг кўпчилиги пенсия миқдорининг камлиги боис ўз-ўзларини мустақил таъминлай олишмайди. Шу боис улар жиноятга қўл уришади, бу улар учун тирик қолишнинг ягона имконияти.

Япониялик пенсионерлар ҳаётининг қийинчиликлари

Япониялик Тошио Такатанинг ёши 69 да, у фақирлик оқибатида қонунни бузган. «Мен пенсия ёшигача етиб бордим, шундан сўнг пулим тугаб қолди. Кейин балки қамоқда текин яшарман, деб ўйлаб қолдим. Шу сабаб велосипед ўғирладим ва полиция участкасига бориб дедим: «Қара, мен буни ўғирладим».



Ўшанда Такатанинг ёши 62 да эди. Бу умри давомида қилган илк жинояти бўлди. Бу майда жиноят унга қўл келди, қарияни бир йилга қамашди. Паст бўйли ва ориқ Таката озодликка чиққач, яна моддий қийинчиликларга дуч кела бошлади. Ҳеч нарсани ўйлаб ўтирмади, қўлига пичоқ олди, энг яқин хиёбонга борди ва дастлабки учраган йўловчига пўписа қилди. Кимдир полицияга қўнғироқ қилди ва Таката яна қамоққа равона бўлди у ҳамон ўша ерда.
«Бу ер менга ёқади деб айта олмайман, аммо текинга яшайман. Озодликка чиққанимда, қўлимда иқтисод қилиб қолган пулларим бўлади. Шу боис ишларим чатоқ десам нолиган бўламан», — дейди у. Ана шундай фалсафага эга кекса японияликлар сони кун сайин ортиб бормоқда. Япониялик 70 яшар кекса аёл ҳам моддий томондан қийналгани учун ана шундай ният қилаётганини билдирган.
«Мен эримга суяна олмайман. Яшаш ёки тунаш учун борадиган жойим йўқ. Ўғирлик ягона имкониятга айланди. Ҳатто юришга қийналиб қолган 80 яшар кекса аёллар ҳам жиноят қилишга ошиқишади. Уларнинг на таоми, на пули бор», дейди аёл.
Кекса ёшли японияликлар ўртасида энг кўп тарқалган жиноят тури бу майда ўғирлик ҳисобланади. Улар ўғирлайдиган буюмлар қиймати 3000 йенни (225 000 сўм атрофида) ташкил этади.
Токионинг Custom Products Research Group демографик тадқиқотлар ташкилоти маълумотларига кўра, мамлакатдаги пенсия қиймати кекса ёшли фуқароларга аранг етади. Хонадон тўлови, таом ва тиббий хизматларнинг ўзи кекса ёшли фуқароларни қарзга ботириб қўйиши мумкин. Бунинг устига уларга пенсиядан ташқари қўшимча маблағлар келмайди.
Бу муаммолар, айниқса, мамлакат чекка ҳудудларида кўп учрамоқда. Ўтмишдаги анаъналарга мувофиқ ёшларга кекса ота-оналарини ҳурмат қилиш ўргатилар эди. Бироқ иқтисодий етишмовчилик ва истиқболсиз карьера туфайли ёшлар улкан салоҳиятга эга шаҳарларга кетиб қолишяпти. Уларнинг кекса ота-оналари эса қаровсиз қолмоқда.
Ўз яқинларининг қўллаб-қувватловисиз қолган пенсионерлар қамоққа боришга қарор қилишади: у ерда уларни текин даволашади, шунингдек, бир кунда уч маҳал овқатлантиришади. Бошқалар эса ўзгача йўл тутишади, ўз жонларига қасд қилишади.
«Одамлар борган сари ёлғизланиб қолишади ва бу билан кураша олишмайди», — дейди With Hiroshima реабилитация маркази раҳбари Каничи Ямада. Унинг айтишича, кекса ёшли фуқароларнинг жиноятга қўл уришларига нафақат камбағаллик, балки уларнинг руҳий ҳолати ҳам сабаб бўлади. Улар яқин кишилари билан жанжаллашишади ва натижада қамоқхона сари равона бўлишади.
Ямаданинг таъкидлашича, 69 яшар Таката билан худди ана шундай ҳол кузатилган. Унинг ота-онаси оламдан ўтишган, ака-укалари билан эса гаплашмайди. У, шунингдек, икки нафар собиқ хотини ва уч нафар фарзанди билан ҳам муносабатда эмас. Ҳозир у жуда ҳам ёлғиз. «Агар мени кимдир қўллаб-қувватлаганда бу жиноятга қўл урмасдим», — дейди пенсионер.

Ҳукуматнинг ушбу вазиятни ҳал этишга бўлган уринишлари қандай?

Bloombergнинг ёзишича, Японияда кексаларни қамоққача боришдан сақлаб қолувчи ҳеч бир давлат ёки реабилитацион дастур мавжуд эмас. Уларни турмада ушлаб туриш учун кетаётган сарф-харажатлар эса борган сари ошиб бормоқда. 2015 йилда қамоқхоналардаги кексаларга тиббий хизматлар учун сарфланган маблағ 50 миллион долларни ташкил этган. Бу 2005 йилгига нисбатан 80 фоиз кўп дегани. Бундан ташқари, қамоқхоналарга кундуз кунлари кексаларга ғамхўрлик кўрсатишлари учун махсус мутахассислар ёлланмоқда, тунда эса бу ишлар назоратчиларга қолмоқда.
2016 йилда мамлакат парламенти кекса япон рецидивистларини ижтимоий қўллаб-қувватловчи қонунни қабул қилди. Полиция ҳалигача ҳукумат билан кекса жиноятчиларга реабилитация учун ёрдам бериш масаласида ишлаб келмоқда. Қамоқхоналарда махмус ҳожатхоналар ташкил этилмоқда, зиёли қатлам эса кекса маҳбуслар учун дарслар ташкил этмоқда.

Бироқ Custom Products Research Group ташкилоти раҳбари, австралиялик Майкл Ньюманнинг фикрича, ҳукумат кексаларнинг озодликдаги ҳаётини яхшилаши керак, қамоқхонадаги эмас. Яна унинг таъкидлашича, майда жиноят учун мамлакатда мавжуд жазолар жуда қаттиқлик қилади.
«Оддий мисол, сэндвич ўғирлаганлик учун улкан жарима ёки икки йилгача бўлган қамоқ жазоси берилади», — дейди Ньюман.
Ҳақиқатан ҳам шундаймамлакат суди дўконларда бўладиган ўғирликларга жиддий қарайди, гарчи у нон бўлса ҳам.
Сарвар Анвар ўғли тайёрлади

Комментарии